The site is running testing mode

Единый контактный номер (+998) 71 2000036; Телефон доверия (+998) 71 2335623

Академик Акмал Саидов Риштонда ёшлар билан учрашди

24 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати академик Акмал Саидов билан Фарғона вилояти Риштон туманидаги «Cambridge School» инновацион хусусий мактабида бўлиб ўтган учрашув аввалида шу ҳақда сўз борди. Тадбирда мактаб раҳбарияти, ўқитувчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Мактаб директори, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Ўринбой Абдуолимов академик А.Саидовнинг жамиятимизда ҳуқуқий дунёқарашни юксалтириш, ёшларда юридик тафаккурни шакллантириш, янги тизимдаги академик дарсликларни яратиш борасидаги улкан хизматлари мамлакатимиз илмий ҳамжамияти томонидан эътироф этилганини таъкидлади. Акмал Холматович – таниқли давлат ва жамоат арбоби, нафақат Ўзбекистонда, айни чоғда, хорижда ҳам эътироф этилган етакчи ҳуқуқшунос, бир қатор халқаро ва хорижий юристлар ассоциацияларининг аъзоси ҳисобланади.

Ўз навбатида, Акмал Саидов хорижий тилларни ўрганишнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, болалик давриданоқ дарсликлардан ташқари, турли бадиий асарларни ўзбек тили билан бир қаторда инглиз ва рус тилларида ўқиб, мағзини чақа билганини қайд этди. Кейинчалик эркин мулоқот қила оладиган тиллари сони немис ва француз тиллари ҳисобига янада кўпайгани ва 11 та етганлигини таъкидлади. Бу эса унга ана шу тилларни нафақат тушуниш, балки уларни ўзаро қиёслаш орқали, қай бири қайси жиҳатлари билан ўзига хос эканини англаш имконини ҳам берган.

Яна бир муҳим жиҳат – ҳар қандай китобни қайси тилда ёзилган бўлса, ўша тилда ўқиган маъқул, деди А.Саидов. Шунинг учун хорижий тилларни ўрганиш лозим. Чет тилларни ўрганиш – ҳаётий эҳтиёж. Айни вақтда тил ўрганиш жараёнининг ўзини ҳам луғатсиз, китобсиз тасаввур этиш мумкин эмас. Бинобарин, халқимизда: “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, деган нақл борлиги бежиз эмас.

Шунингдек, академик А.Саидов ҳуқуқий билим ва конституциявий хулқ-атворни ўзаро мужассам этган ҳолда, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини ҳар бир шахс ва бутун жамият ҳаётига чуқур татбиқ этишда ёшларнинг ўрни ва роли муҳимлиги ҳақида мухтасар тўхталди. Зеро, улуғ мутафаккир Абу Наср Форобий таъкидлаганидек, билим яхши хулқ-атвор билан безатилган бўлиши лозим.

Конституция – алоҳида ҳуқуқий мақомга эга олий даражадаги ҳужжат, жамият ва давлат ўртасидаги ўзига хос ноёб жамоатчилик шартномасидир. Чунки фуқаролар айнан шу Асосий қонун негизида тегишли давлат органларига ҳокимиятни бошқариш ваколатини ишониб топширадилар. Шундай экан, Конституция талабларини бажариш, уларга сўзсиз ва қатъий риоя қилиш ҳар бир инсоннинг эътиқодига айланиши даркор.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Турғунов Муроджон Турсунбоевич талаба ёшларга мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ва жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини иштирокчиларга содда тарзда тушунтириб берди.

Шунингдек, М.Т.Турғунов Давлат ва ҳуқуқ институти фаолияти ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот бериб, институт ўз фаолияти жараёнида мамлакатнинг барқарор ривожланиши максадидан келиб чиқиб қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд хокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар учун ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклифларни ўз ичига олган таҳлилий ҳужжатларни тайёрлаш борасидаги ҳамда давлат ва ҳуҳуқ сохасида фанлараро фундаментал илмий тадқиқотларни бажариш, замонавий электрон-ахборот ва ўқув-педагогик технологиялардан фойдаланган холда аҳолининг, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга кўмаклашиш ва шу каби бошқа фаолият йўналишлари хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, М.Т.Турғунов томонидан мамлакатимиз тарихида илк бор умумхалқ мухокамаси ва референдум ўтказиш орқали халқимизнинг ҳохиш иродасини ўзида тўлиқ акс эттирган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва амалиётга татбиқ этилиши борасидаги муҳим маълумотларни ўз ичига олган, Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан нашрга тавсия этилган, академик А.Саидов қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон Конституцияси” дарслик-хрестоматияси тақдимотини ўтказди.

Қизғин, самимий ва кўтаринки руҳда ўтган учрашув талаба ёшларда катта таъсурот қолдирди ва уларни  қизиқтирган барча саволларга тўлиқ  жавоб берилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари бўлган ёшларнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, академик А.Саидов ўқувчи ёшлар учун “Конституциявий ҳуқуқ” дарслигини ёзиб беришлигини ҳамда ўзбек (лотин алифбосида) ва инглиз тилларида чоп этилиши ҳамда мактаб кутубхонасига тақдим этилишини таъкидлади.

Ушбу мулоқот “Академик ва ёшлар” рукни доирасида ташкил этилди. Учрашув якунида академик А.Саидов ўзининг Конституциявий ҳуқуқ тарихи, давлат ва ҳуқуқ назарияси, инсон ҳуқуқлари соҳаларига оид янги китобларини билим даргоҳи кутубхонасига тақдим этди.

   


×