The site is running testing mode

Единый контактный номер (+998) 71 2000036; Телефон доверия (+998) 71 2335623

“Академик ва ёшлар” учрашуви Фарғона давлат университетида ташкил этилди

24 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати академик Акмал Саидов Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқот “Академик ва ёшлар” учрашуви доирасида ташкил этилди.

Фарғона давлат университети ректори Баҳодир Шермуҳаммадов тадбирни очар экан, академик А.Саидов таниқли давлат ва жамоат арбоби, нафақат мамлакатимизда, айни чоғда, хорижда ҳам эътироф этилган етакчи ҳуқуқшунос, бир қатор халқаро ва хорижий юристлар ассоциацияларининг аъзоси эканлигини қайд этди. Шунингдек, академик А.Саидов кўплаб нуфузли халқаро илмий анжуманларни ташкил этганлиги ва илмий-амалий конференцияларда иштирок этганлиги, бундан ташқари жамиятимизда ҳуқуқий дунёқарашни юксалтириш, ёшларда юридик тафаккурни шакллантириш, янги тизимдаги академик дарсликларни яратиш борасидаги улкан хизматлари эътироф этилди. Айни чоғда, Акмал Саидов – сиёсий, ҳуқуқий, адабиёт, маърифий ва тарихий мавзуларда ижод қиладиган моҳир публицист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси ҳамдир. Унинг асарлари дунёнинг ўттиздан ортиқ давлатида ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, поляк, хитой, араб ва япон тилларида нашр этилганлиги эътироф этилди.

Академик А.Саидов мулоқот давомида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, навқирон авлод вакилларининг тараққиёт сари интилишларига ҳар томонлама шароит яратиш давлатимизнинг устувор сиёсатига айланганлигини таъкидлаб, мамлакатимиздаги ёшларга оид давлат сиёсати халқаро жамоатчилик томонидан ҳам кенг эътироф этилаётганлиги ҳамда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан жой олгани бежиз эмаслиги хусусида тўхталиб ўтди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида атрофлича сўз борди. Академик А.Саидов қайд этганидек, янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида яққол акс эттиради. Бугунги кунда уни ҳаётга сўзсиз ва тўлиқ татбиқ этиш ишлари изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Турғунов Муроджон Турсунбоевич талаба ёшларга мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ва жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини иштирокчиларга содда тарзда тушунтириб берди.

Шунингдек, М.Т.Турғунов Давлат ва ҳуқуқ институти фаолияти ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот бериб, институт ўз фаолияти жараёнида мамлакатнинг барқарор ривожланиши максадидан келиб чиқиб қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд хокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар учун ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклифларни ўз ичига олган таҳлилий ҳужжатларни тайёрлаш борасидаги ҳамда давлат ва ҳуҳуқ сохасида фанлараро фундаментал илмий тадқиқотларни бажариш, замонавий электрон-ахборот ва ўқув-педагогик технологиялардан фойдаланган холда аҳолининг, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга кўмаклашиш ва шу каби бошқа фаолият йўналишлари хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.

Бундан ташқари, М.Т.Турғунов ўз маърузаси давомида талаба ёшларга мурожаат қилиб, Олий таълимдан кейинги таълим тизимининг таянч доктарантура босқичида ўзининг илмий фаолиятини давом эттириш истагида бўлган ёшларни Давлат ва ҳуқуқ институтига белгиланган тартибда ҳужжатларини топширишлари ва ўз илмий фаолиятини давом эттиришлари мумкинлигини баён этиб, бу борада талаба ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. 

Шундан сўнг, М.Т.Турғунов томонидан мамлакатимиз тарихида илк бор умумхалқ мухокамаси ва референдум ўтказиш орқали халқимизнинг ҳохиш иродасини ўзида тўлиқ акс эттирган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва амалиётга татбиқ этилиши борасидаги муҳим маълумотларни ўз ичига олган, Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан нашрга тавсия этилган, академик А.Саидов қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон Конституцияси” дарслик-хрестоматияси тақдимотини ўтказди.

Тадбир ёшлар учун билим ва кўникмаларни ошириш, инсон ҳуқуқлари, Кнституциявий ҳуқуқ ва бошқа ҳуқуқ соҳасида илмий-назарий билимларни чуқурлаштириш ва амалиётга йўналтириш ҳамда Олий таълимдан кейинги таълим босқичида ўз фаолиятини давом эттириш истагида бўлган ёшлар учун муҳим манбаа бўлганлиги эътироф этилди.

Қизғин, самимий ва кўтаринки руҳда ўтган учрашув талаба ёшларда катта таъсурот қолдирди ва уларни  қизиқтирган барча саволларга тўлиқ  жавоб олишларига имконият яратилди.

Тадбир якунида академик А.Саидов Фарғона давлат университети раҳбарияти ва жамоасига ўз миннатдорчилигини билдирди. Ушбу олий таълим даргоҳида илм-фан ва ўқув жараёни ҳамда ёшлар таълим-тарбияси учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолади.

   

   

   


×