Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси нафақат сиёсий-ижтимоий дастур сифатида, балки тўлақонли ҳуқуқий асосга эга миллий стратегия сифатида жорий қилинмоқда. Мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар, Президент фармонлари ва давлат дастурлари орқали мазкур стратегиянинг ҳар бир йўналиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб борилмоқда. Қонунчиликдаги ислоҳотлар ва ҳуқуқий кафолатлар ҳар бир фуқаро — айниқса, ёшлар учун экологик масъулият, фаол фуқаролик ва ҳуқуқий билимларини ривожлантиришда мустаҳкам замин яратади. Бу эса барқарор келажак сари олиб борувчи ишончли ҳуқуқий йўналиш ҳисобланади.
Мазкур жараёнлар доирасида, 2025 йил 16 апрель куни Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 42-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ва Барқарор ривожланиш марказининг Тошкент вилояти бўлими ҳамкорлигида муҳим ва долзарб мавзулардан бири — “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда табиатни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган маърузалар, амалий мисоллар, мулоҳазалар ва викторина тарзидаги қизиқарли савол жавоб тарзида ўтказилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Турғунов Муроджон Турсунбоевич сўзга чиқиб, ўз сўзида ҳозирги кунда маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини, бундан кўзланган мақсад, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш, табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш орқали ҳозирги ва келажак авлоднинг фаровон ҳаёти учун замин яратилишида ҳар биримиз маъсул эканлигимизни таъкидладилар.
Шунингдек, давра суҳбатида сўзга чиққан Барқарор ривожланиш марказининг Тошкент вилоят бўлинмаси бошлиғи юридик фанлар доктори, профессор Абдуманноп Туляганов Абдужаббарович ўз маърузасида мавзу доирасида аниқ мисоллар ва статистик маълумотларни келтириб ўтдилар, шунингдек қуйидагиларни баён этди: Ҳозирги вақтда суғориш ва экологик мақсадлар учун сувга эҳтиёж тўлиқ қондирилмаяпти. Сув истеъмолининг кўпайиши ва манбаларнинг ифлосланиши чучук сув захираларининг камайишига олиб келади. Юртимизда мавжуд чучук сув ҳажмининг қисқариши туфайли сув танқислиги ва қурғоқчилик хавфи сезиларли даражада ошмоқда. Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон замонавий мамлакат сифатида ривожланиши учун атроф-муҳит муҳофазаси ва сувдан самарали фойдаланиш йўналишларида тезкор чоралар қабул қилинмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чораларини акс эттирувчи қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. «2030 йилгача бўлган даврда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси», «Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси», «2020–2025 йилларда гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси», «Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари»ги фармон ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Сувни тежашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, ичимлик суви учун бозор нархларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Aҳолининг сув билан таъминланганлик ҳолати аҳоли турар-жойлари ва улардаги турмуш даражасинининг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Қувурли ичимлик сувининг асосий истеъмолчиси сифатида аҳоли сувни тежаш жараёнида муҳимроқ рол ўйнаши керак. Бироқ, ҳозирги вақтда кўплаб шаҳарларда аҳолининг сувни тежаш муаммосига пассив муносабати мавжуд.
Давра суҳбатида сўзга чиққан, Барқарор ривожланиш марказининг Тошкент вилоят бўлинмаси ходими Азизов Шодиёр Валижонович ўз сўзида: Глобал иқлим ўзгариши, мамлакатимизда аҳоли сонининг ўсиши, миллий иқтисодиёт турли тармоқларининг жадал ривожланиши ва уларнинг сувга бўлган талабининг ўсиши туфайли республикада сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга ортиб бораётганлигини, Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши гарови эканлигини, тоза ичимлик сувни узлуксиз етказиб бериш, сув бормаган ҳудудлардаги аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан бири эканлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, сувни тежаш маданияти турмушимизнинг ажралмас қисмига айланмас экан, бу йўналишда сезиларли муваффақиятларга эришиш қийин эканлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор Миродилжон Хомуджонович Баратов тадбир мавзуси ва ундан кўзланган мақсадлар хусусида сўз юритиб қуйидагиларни баён этди: Сув – ҳаёт манбаи. Оддий истеъмолдан тортиб, қишлоқ хўжалигида етиштириладиган ноз-неъматларгача, бунёд бўлаётган осмонўпар бинолар, энг замонавий технологияларгача, барча-барчасини сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Табиат томонидан ато этилган бу неъматнинг захиралари йилдан йилга камайиб бормоқда. Айни пайтда дунёдаги кўплаб давлатлар ўзларида мавжуд ресурсларнинг деярли барчасидан фойдаланмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича ўтган асрнинг 60 йилларига қиёслаганда дунёда сувга талаб икки баравар кўпайган. Бунга аҳоли сонининг ортиши, қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг ривожланиши таъсир кўрсатди. Иқлим ўзгариши сабаб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида аҳоли тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертларининг таъкидлашича ҳозирда ер юзида қарийб 1 миллиард 100 миллион киши турли даражадаги сув танқислигидан азият чекмоқда. Олдимизда оқаётган сувнинг қадри бўлиши учун, уни хонадонларимизгача етиб келишида сарфланаётган маблағ, соҳада ишлаётган одамларнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг ҳаққини тўлиқ узишимиз ҳам қарз, ҳам фарз. Сув ўз номи билан бебаҳо, У текин эмас. “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан!”, – дейди доно халқимиз. Шундай экан, сувни тежаш, унинг ортиқча исроф бўлишига йўл қўймаслик сув танқислиги муаммосига ечим топилишида ҳар биримизнинг қўшган ҳиссамиз эканлигини унутмайлик.
Давра суҳбати жонли мулоқот ҳамда қизиқарли мунозаралар шаклида ўтказилиб, тадбир якунида экология соҳаси билимдонлари иштирокида викторина ташкил этилиб, унда 42-сонли мактаб ўқувчилари К.Абдушукуров, М.Юлдашев ва Д.Асхужаевалар фаол иштирок этдилар. Викторинада фаол иштирок этган билимдонларга эсдалик совғалари ва китоблар берилди,
Шунингдек, тадбир ўтказилаётган мактаб ўқувчилари ва мактаб жамоси учун Давлат ва ҳуқуқ институти илмий ходимлари муаллифлигида нашр қилинган 12 хил турдаги китоблар мактаб кутубхонасига эсдалик учун топширилди.
Шундан сўнг, 42-мактаб директори Ибрагимова Малика Нигмановна сўзга чиқиб, у ўз сўзида кун тартибидаги масалалар юзасидан барча маърузачиларнинг қизиқарли ва мазмунли нутқлари иштироки учун ўз миннатдорчилигини билдириб, ушбу тадбир барча иштирокчиларда жудаям катта ва ижобий таассурот қолдирганликларини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, институт раҳбарияти ва ходимларини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қонунчиликдаги ўзгаришларнинг мазмун моҳиятини ёшларга етказиш борасидаги ишларга муффақиятлар тилаган ҳолда, келгусида яна шу каби тадбирлар ўтказилиши учун ўз таклифларини билидириб ўтди.
Шунингдек, М.Ибрагимова тадбирда иштироок этаётган ёшларга алоҳида эътиоф ва хурсандчилик билан шуни баён этдики, ушбу тадбирнинг асосий сабабчиси ва ташкилотчиси бўлган Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Турғунов Муроджон Турсунбоевич айнан шу мактаб битирувчиси бўлганлигини ва шу маҳалла фарзанди эканлигини фахр билан тилга олиб, барча ёшларга келгусида улар ҳам мана шу даражадаги етук инсонлар бўлиб камол топишларини, юртимизга садоқат билан хизмат қиладиган инсон бўлиб етишишларини тилаб, ўз сўзини якунрлади.