The site is running testing mode

Единый контактный номер (+998) 71 2000036; Телефон доверия (+998) 71 2335623

Юридик академик ҳамжамият учрашуви

 

Куни кеча Термиз давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида жамоа билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Жанубий нуқта ҳисобланмиш – Сурхондарё мамлакатимизда ўзининг салоҳияти, ишлаб чиқариш тармоқлари билан азалдан донг таратган. Вилоят маҳаллий иқтисодиётида саноат, қишлоқ хўжалиги ривожи муҳим аҳамиятга эга. Бироқ буларнинг барчаси малакали кадрлар билан янада тўлиқ ва бўлиқдир.

Университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда айни шу масалаларга урғу берилди. Учрашувни университет ректори А.Ҳ.Тошқулов кириш сўзи билан очди. Инсон ва унинг қадрини таъминлаш мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг диққат марказида бўлиб турибди.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимли, мақсадли тус олди. Натижалар ҳозирнинг ўзида бўй кўрсатмоқда. Янгиланган Конституция асосида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз самарасини бермоқда. Инсон ҳуқуқлари олий қадрият саналган юртимизда, айниқса,  инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг ўрни беқиёс.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази А.Саидов ўз сўзида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳим эканлигига тўхталди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда 2020–2024 йилларда БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланди. Шу маънода мамлакатимизда бу борада кенг кщламли ишлар амалга оширилмоқда.

Учрашувда сўз олган ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти директори, ю.ф.д., проф. М.Турғунов бу борада мамлакатимизда институционал ўзгаришлар, ислоҳотларнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларига тўхталди.  Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим тизими ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Дарҳақиқат, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, уларнинг касбий фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга хизмат қилади. Янгиланган Конституцияга мувофиқ, 2023 йил 16 июнда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилди. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кам таъминланганларга, тенг ҳуқуқлилиги бузилган хотин-қизлар ва эркакларга ҳамда психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахсларга кўрсатилиши белгиланмоқда.

Келиб тушган саволларга атрофлича жавоблар берилди.

   

   

   

Учрашувда, шунингдек академик А.Саидов қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон Конституцияси” ва “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” дарсликларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Учрашув йиғилганларда ёрқин таассурот қолдирди.

 


×