12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш билан ҳамкорликда ушбу кенгашларнинг навбатдаги қўшма йиғилиши ташкил этилди.
Мазкр тадбирда кенгаш аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти илмий ходимлари, Ўзбекистондаги юридик ва турдош олий ўқув юртлари, вазирлик ҳамда идоралари билан бир қаторда мамлакатимизнинг академик ҳамжамияти ва таҳлилий марказлари, соҳанинг етакчи олимлари, шунингдек ёш тадқиқотчилар иштирок этишди.
Мақсад – “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури ва юридик фанлар олдида турган вазифалар ижроси юзасидан ҳуқуқшунослик фани олдида турган долзарб вазифаларни муҳокама қилиш, соҳадаги илмий-амалий ишлар режасини тузишга оид таклиф-тавсияларни ишлаб чиқиш.
Асосий вазифалар: мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг кейинги истиқболларини белгилашга оид ҳуқуқий ишланмалар самарасини ошириш борасидаги ишларни ташкил этиш, қўйилган муаммолар юзасидан соҳа мутахассисларининг илмий хулосаларга асосланган фикр-мулоҳазаларини тинглаш, мазкур йўналишдаги халқаро тажриба ва амалиётни ўрганиш, таҳлил этиш, уларни амалга оширишнинг назарий ва амалий жиҳатларини ўзаро уйғунлаштириш, бу борадаги аниқ вазифаларни келишиб олиш, илм-фан ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган таниқли ҳуқушунос олимларнинг хотирлаш маросимлари ҳамда босма адабиётларни нашр этиш режаларини муҳокама қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатимиздаги фан ва таьлим соҳасидаги туб ислоҳотлар натижасида қайта тикланган Фанлар академияси тизимидаги институтлар ва бошқа тадқиқот марказлари, хусусан, Давлат ва ҳуқуқ институти, ҳуқуқшунослар тайёрловчи юридик университетлар, академиялар, факультетлар ва юридик техникумларнинг профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунослар олдига қатор долзарб вазифаларни қўяди.
Биринчидан, мамлакатимиз Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” китобидаги мақсадлар, ғоялар ва ислоҳотлар руҳи асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган етти йўналиш ҳамда юзта мақсадни ўзида мужассамлаштирган, юридик прогнозлаш усулларига асосланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш долзарблигича қолмоқда.
Иккинчидан, миллий конституциявий тараққиётимиз ва тажрибамиз, конституционализм ривожланишига доир халқаро ҳуқуқ ва илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш борасида асослантирилган, ҳаётимизнинг ўзи, жамиятимиз ва давлатимиз ривожи талаб этаётган таклифларни ишлаб чиқиш.
Учинчидан, кодификация назарияси ва амалиётини чуқур ўрганиш, юридик прогнозлаш асосида қонунчилигимизни тизимлаштириш, бунда мумкин қадар ҳаволаки нормалардан воз кечиш.
Тўртинчидан, юридик таьлим, қайта таълим ва олий таълимдан кейинги таълим тизимини, юридик фанлар бўйича дастурларни тубдан қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш.
Айниқса, ҳуқуқшунослик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш – бугунги кун, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар талабидир.
Қизиқарли ўтган тадбир давомида шу каби масалалар муҳокама қилинди. Анжуман доирасида академик А.Саидов қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон Конституцияси” дарслик-хрестоматияси тақдимоти ўтказилди.