2025 йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда “Халқаро
илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни”га бағишланган илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Божхона институти, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат транспорт университети, Термиз давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Урганч давлат университети, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети, Наманган давлат университети, Самарқанд давлат университети, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Чирчиқ давлат педагогика университети, Тошкент давлат аграр университети профессор-ўқитувчилари, академик ҳамжамият ҳамда вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Конференцияни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик А.Саидов очиб берди. А.Саидов ўз кириш сўзида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида сўнгги йилларда мисли кўрилмаган тарихий ишлар амалга оширилганлиги, айниқса, мамлакатимиз хотин-қизларининг илм-фан соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш борасида Ўзбекистон зиммасига олган халқаро мажбуриятларни тўла бажариб келаётганлиги, бу борада самарали миллий механизмлар жорий этилганлиги ва улар асосида хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Фанлар академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими бошлиғи Н.Мустафоева ўз кириш сўзида илм-фан соҳасида хотин-қизларнинг роли кескин ошиб бораётганлиги, бугунги кунда олий таълимнинг бакалавриат, магистратура ҳамда таянч докторантурада хотин-қизларнинг давлат ҳисобидан таълим олиши ва илмий-тадқиқотларни амалга ошириши учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги, Фанлар академияси тизимида бу борада катта ишлар қилинаётганлиги ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Конференциянинг I ялпи сессиясида “Илм-фанда аёллар: ютуқлар ва янги имкониятлар” мавзуси доирасида маърузалар ва муҳокамалар бўлиб ўтди. Хусусан, унда Ички ишлар вазирлиги академияси кафедра бошлиғининг ўринбосари Н.Турғунова “Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар”, Божхона институти катта ўқитувчиси М.Шермаматова “Гендер тенглик муаммоларини инобатга олган ҳолда, савдо муносабатларини соддалаштириш масалалари”, Транспорт университети доценти М.Инагамова “Аёллар репродуктив ҳуқуқларини таъминлашнинг халқаро-ҳуқуқий жиҳатлари”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Ш.Рашидова “Араб мамлакатларида аёлларнинг илм-фан соҳасидаги фаолияти” мавзуларида таҳлилий, илмий маърузалар қилишди.
Конференциянинг II ялпи сессияси “Хотин-қизларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш – ёш олимлар нигоҳида” деган мавзуга бағишланди. Ушбу сессия доирасида 9 та маъруза қилиниб, уларда “АҚШда аёллар ҳуқуқлари тарихи: ўзгаришлар ва тараққиёт йўллари”; “Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари”; “Болалар таълим олиш ҳуқуқининг ўзига хос тизим сифатида намоён бўлиши ва унинг элементлари”; “Жиноят ишларини судга қадар юритишда аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш”; “Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси (CЕДАW)нинг хотин-қизларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашдаги ўрни”; “Янги Ўзбекистонда аёлларнинг оилавий зўравонликдан ҳимояланиш ҳуқуқларининг ўзига хос хусусиятлари”; “Ўзбекистон Республикасида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашда прокуратура органларинининг ўрни ва аҳамияти”; “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва миллий механизми” каби мавзуларда таҳлилий чиқишлар қилинди.
Конференция якунида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида қуйидаги якуний хулосаларга келинди:
биринчидан, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳаларни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш. Бу борада давлат органлари ва нодавлат ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликда ишлашини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш;
иккинчидан, ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаш мақсадида гендер тенглик муаммоларини инобатга олган ҳолда, савдо муносабатларини соддалаштириш, хусусан, савдо-сотиқ жараёнларида хотин-қизларнинг иқтисодий ташаббуслари ва фаолияти учун қўшимча имтиёзлар тақдим этиш;
учинчидан, аёллар репродуктив ҳуқуқларини таъминлашда давлат зиммасига оладиган мажбуриятларни бажариш учун тегишли ташкилий-ҳуқуқий, институционал механизмларни яратиш чораларини кўриш. Бу борада ҳар йили алоҳида-алоҳида комплекс чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш ва ундаги тадбирларнинг ижросини таъминлаб бориш;
тўртинчидан, Ўзбекистонда аёлларнинг илм-фан соҳасидаги фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш. Шу мақсадда олий таълимнинг бакалавриат, магистратура ҳамда таянч докторантурага қабул квоталарида хотин-қизларнинг улушини ошириш.
Кун мавзуси юзасидан иштирокчилар қизиқарли баҳс-мунозараларга киришдилар. Шунингдек, конференцияда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олишди.