Сайт работает в тестовом режиме

Единый контактный номер (+998) 71 2000036; Телефон доверия (+998) 71 2335623

Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонни эътироф этмоқда

 

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига асосан, ушбу санани муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, фуқароларни асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида жипслаштириш, “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” бош ғоясини мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш белгиланган.

Айни пайт Тошкентда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – демократик тараққиётнинг ҳуқуқий пойдевори” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтмоқда.

Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Тошкент амалий фанлар университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда соҳада фаолият олиб бораётган олимлар иштирок этяпти.

Мулоқот чоғида Янги таҳрирдаги Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари мақоми, инсон ҳуқуқи ва эркинлиги кафолати, Барқарор ривожланиш мақсадлари масалалари қай даражада акс этганига эътибор қаратиляпти.
Кейинги йилларда мамлакат ва жамият ҳаётида кескин ўзгаришлар рўй берди. Юртимиз дунёга очилмоқда, жаҳон ҳамжамияти эса ўзи учун Ўзбекистонни кашф этмоқда. Барча жабҳаларда – иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоий ва маданий ҳаётда туб ислоҳотлар жадаллик касб этган. Марказий Осиё минтақасида етакчи давлат – Ўзбекистон миллий ва глобал вазифаларни бажаришда ўзига хос тажриба тўплади. Халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий ривожланиш билан боғлиқ янгиланган йўналишларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Йиғилишда амалга оширилган кенг қамровли, таркибий ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон, деярли, БРМга уйғун турли йўналишларда сезиларли ютуқларни қўлга киритаётгани қайд этилди. Айниқса, Конституциявий ислоҳот бу борада муҳим қадам бўлди.

Жараёнда фуқаролик жамияти иснтитутларининг иштироки, ташаббуслари давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада Бош қомусимизнинг янги таҳририда халқнинг хоҳиш-истаги, кўп йиллик орзу-умиди мужассамлашди, “инсон – жамият – давлат” тамойили мустаҳкамланди, ҳуқуқий давлат белгилари аксини топди.


×