The site is running testing mode

Yagona aloqa raqami (+998) 71 2000036; Ishonch telefoni (+998) 71 2335623

Fanlar akademiyasi va Buxoro viloyat boshqarmasi: hamkorlik aloqalari

Фанлар академияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги: ҳамкорлик робиталари


Шу кунларда Бухоро вилоятида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, илмий ходимлари ҳамкорлик робиталарини чуқурлаштириш йўлида ҳудудда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ишчи, амалий учрашувда вилоят ҳокими Б. Зарипов бугунги учрашув Бухоронинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, илмий салоҳиятини юксалтириш ва янги имкониятларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлишини таъкидлади.
— Бугун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан илм-фанни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бош локомотивига айлантириш бўйича қўйилаётган стратегик вазифалар фонида сиз азизларни Бухорога таклиф этишимиздан асосий мақсад — самимий мулоқот қилиш баробарида, вилоятимиздаги реал муаммо ва имкониятларга илм-фаннинг энг илғор ютуқлари асосида аниқ ва амалий ечимлар таклиф этишдан иборат, — деди Б. Зарипов.
Шундан сўнг Фанлар академияси президенти Ш. Аюпов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик А. Саидов ва бошқалар сўзга чиқиб, вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Таъкидланганидек, илм-фан ютуқларини амалиётга кенг татбиқ этиш ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади.
Учрашувда Бухоронинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун муҳим бўлган йўналишларда илмий-тадқиқот ишларини амалий лойиҳалар билан уйғунлаштириш, олимлар ва соҳа мутахассислари ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Учрашув якунида илм-фан салоҳиятини ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кенг жалб этиш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат Бухоро вилоятида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқиш, илмий салоҳиятдан ҳудуд тараққиёти йўлида самарали фойдаланиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий ва амалий асос бўлиб хизмат қилади.
Анжуманда Давлат ва ҳуқуқ институти директори, ю.ф.д., проф. М.Турғунов иштирок этди.



 

Фанлар академияси ва Бухоро давлат университети ҳамкорлиги – янги чақириқлар


            14-16 август кунлари Бухоро вилоятида илмий-амалий сафарда Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари Бухоро давлат университетига ташриф буюрдилар. Университет ректори О.Х.Хамидов ва Академия президенти Ш. Аюпов ҳамда сўз олган бошқа иштирокчилар Фанлар академияси ва Бухоро давлат университетининг ўзаро ҳамкорлигига доир янги жиҳатларга эътибор қаратдилар.

Қайд этилганидек, илм-фан ютуқларини амалиётга кенг татбиқ этиш ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади.

Учрашувда сўз олган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик А. Саидов “Бухоро фикҳ мактаби ривожланиши”, “Бухоро жадидлари”га бағишланган қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш юзасидан амалий таклифлар илгари сурилди. Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов таклифларни қўллаб-қувватлади. Грантни молиялаштиришни билдирди.

Сафар давомида ушбу лойиҳалар юзасидан тез кунларда Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Бухоро давлат университети билан ҳамкорлик меморандуми тузилишига келишилди.

Амалий учрашувда Давлат ва ҳуқуқ институти директори, ю.ф.д., проф. М.Турғуновлар иштирок этди.

 

“XIV Халқаро Ибн Сино ўқишлари”даги иштирок

Бухоро вилоятида илмий-амалий сафарда Фанлар академияси делегацияси аъзолари, шунингдек кўҳна Бухорода “Абу Али ибн Сино: замонавий тиббиёт ва халқ табобати – инновациялар ва инвестициялар” мавзусидаги “XIV Халқаро Ибн Сино ўқишлари”да қатнашдилар. Мазкур халқаро анжуман оддий илмий тадбир эмас. У – ўтмиш ва бугун, буюк илмий мерос ва замонавий технологиялар, қадимий табобат тажрибаси ва замонавий тиббиёт имкониятларини бирлаштирувчи ўзига хос илмий майдон бўлди.

Анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан етакчи олимлар, академиклар, тиббиёт мутахассислари, соҳа экспертлари ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда. Ҳиндистон, Хитой, Корея, Индонезия, Эрон, Туркия, Италия, Россия, Покистон, Тожикистон ва Қирғизистондан ташриф буюрган мутахассислар Бухорода бир мақсад – инсон саломатлиги йўлида илм-фан имкониятларини янада кенгайтириш ғояси атрофида жам бўлди.

Абу Али ибн Сино номи нафақат Шарқ, балки бутун инсоният илм-фани тарихида алоҳида ўрин тутади. Унинг тиббиётга оид қарашлари, касалликларни аниқлаш ва даволаш усуллари, доришунослик, инсон анатомияси ва физиологиясига доир илмий хулосалари асрлар давомида тиббиёт тараққиётига хизмат қилиб келган.

Ибн Синонинг энг буюк жиҳатларидан бири шундаки, у тиббиётга фақат касалликни даволаш воситаси сифатида эмас, балки инсон ҳаёти, унинг жисмоний ва руҳий ҳолати билан чамбарчас боғлиқ мураккаб илм сифатида қараган.

Орадан қарийб ўн аср вақт ўтган бўлса-да, унинг илмий қарашлари замонавий тиббиёт олдида турган кўплаб масалалар билан ҳамоҳанг жаранглайди. Зеро, инсон саломатлиги, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи ва самарали даволаш усулларини излаш каби масалалар ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди.

Халқаро ўқишларнинг асосий мақсади ҳам айнан ана шу бебаҳо илмий меросни чуқур ўрганиш, Ибн Сино илгари сурган илмий ғояларни замонавий тиббиёт ютуқлари билан уйғунлаштириш, халқ табобатига илмий ёндашувни кучайтириш ва халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.

Ибн Сино ўқишлари доирасида илмий маърузалар, панель муҳокамалари, давра суҳбатлари ва амалий маҳорат дарслари ташкил этилди.

Анжуманда академик А.Саидов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори, ю.ф.д., проф. М.Турғуновлар иштирок этишди.

 

Фанлар академияси ва Бухоро давлат техника университети ҳамкорлиги йўлида


            Бухорода илмий сафарда бўлган Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари Бухоро давлат техника университетига ташриф буюрдилар. Университет ректори С.Ғ.Сиддиқова ва Академия президенти Ш. Аюпов ҳамда бошқа иштирокчилар Фанлар академияси ва Бухоро давлат техника университети ҳамкорлигига доир масалаларда ўзаро фикр алмашдилар.

Бухоро вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш каби йўналишларда улкан имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Дарҳақиқат, ушбу салоҳиятни тўлиқ ишга солишда олимлар ва соҳа мутахассисларининг илмий ёндашуви муҳим аҳамият касб этади.

Мулоқот давомида ҳудуддаги мавжуд муаммоларга илмий асосланган ечимлар топиш, илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда сўз олган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик А. Саидов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори, ю.ф.д., проф. М. Турғуновлар ҳамкорликдаги лойиҳалар доирасида Давлат ва ҳуқуқ институти Бухоро давлат техника университети билан ҳамкорликка тайёр эканини билдирдилар.

Учрашув амалий, креатив руҳда бўлиб ўтди. Учрашув сўнггида эсдалик совғалари алмашилди.

Бир сўз билан айтганда, Бухоро илмий-амалий сафари томонлар учун манфаатли ва мақсадли бўлди.


 

 


×