Фанлар академияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги: ҳамкорлик робиталари
Шу кунларда Бухоро вилоятида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, илмий ходимлари ҳамкорлик робиталарини чуқурлаштириш йўлида ҳудудда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ишчи, амалий учрашувда вилоят ҳокими Б. Зарипов бугунги учрашув Бухоронинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, илмий салоҳиятини юксалтириш ва янги имкониятларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлишини таъкидлади.
— Бугун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан илм-фанни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бош локомотивига айлантириш бўйича қўйилаётган стратегик вазифалар фонида сиз азизларни Бухорога таклиф этишимиздан асосий мақсад — самимий мулоқот қилиш баробарида, вилоятимиздаги реал муаммо ва имкониятларга илм-фаннинг энг илғор ютуқлари асосида аниқ ва амалий ечимлар таклиф этишдан иборат, — деди Б. Зарипов.
Шундан сўнг Фанлар академияси президенти Ш. Аюпов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими, академик А. Саидов ва бошқалар сўзга чиқиб, вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Бухоро вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш каби йўналишларда улкан имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Дарҳақиқат, ушбу салоҳиятни тўлиқ ишга солишда олимлар ва соҳа мутахассисларининг илмий ёндашуви муҳим аҳамият касб этади.
Мулоқот давомида ҳудуддаги мавжуд муаммоларга илмий асосланган ечимлар топиш, илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, илм-фан ютуқларини амалиётга кенг татбиқ этиш ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади.
Учрашувда Бухоронинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун муҳим бўлган йўналишларда илмий-тадқиқот ишларини амалий лойиҳалар билан уйғунлаштириш, олимлар ва соҳа мутахассислари ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Учрашув якунида илм-фан салоҳиятини ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кенг жалб этиш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат Бухоро вилоятида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқиш, илмий салоҳиятдан ҳудуд тараққиёти йўлида самарали фойдаланиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий ва амалий асос бўлиб хизмат қилади.
Анжуманда Давлат ва ҳуқуқ институти директори, ю.ф.д., проф. М.Турғунов иштирок этди.